Абдуллаев Равшанбек Бабажонович — Урганч давлат тиббиёт институти Ички касалликлар, нефрология, гемодиализ ва реабилитология кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор. 2026-йилда кафедра мудири этиб қайта тайинланган.

Таълим ва илмий даражалар

1984-йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг даволаш факультетини, 1991-йилда ички касалликлар бўйича клиник ординатурани тамомлаган. 14.00.05 — Ички касалликлар ихтисослиги бўйича 1992-йилда номзодлик, 2002-йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1995-йилда доцент, 2008-йилда профессор илмий унвонини олган.

Касбий фаолият

Самарқанд давлат тиббиёт институтида ассистент сифатида ишлаган. 1994–2012-йилларда Урганчдаги тиббий таълим муассасаларида доцент, даволаш факультети декани ҳамда факультет ва госпитал терапия кафедраси мудири бўлган. 2012–2015-йилларда Урганч тиббиёт коллежи директори ва ўриндошлик асосида ТТА Урганч филиали профессори лавозимларида ишлаган. 2015–2023-йилларда кафедра мудири, илмий ишлар бўйича директор ўринбосари, педиатрия факультети декани, илмий ишлар ва инновациялар бўйича директор ўринбосари вазифаларини бажарган. 2023–2026-йилларда кафедра профессори бўлиб фаолият юритган.

Илмий йўналиш ва нашрлар

Ички касалликлар, гастроэнтерология, гепатология, реабилитология, диетология ва халқ табобати бўйича тадқиқот олиб боради. Асосий мавзу: «Жанубий Орол минтақасида овқат ҳазм қилиш системаси касалликларининг тарқалганлиги, клиник кечиш хусусиятлари ва даволашга янгича ёндашиш». 500 дан ортиқ илмий-услубий ишлар, жумладан 15 монография, 2 дарслик, 3 ўқув қўлланма, 36 ўқув-услубий қўлланма, 4 услубий тавсиянома, 3 ССВ ахборот хати, 6 рационализаторлик таклифи, 200 дан ортиқ журнал мақолалари ва 300 дан зиёд тезислар муаллифи. Тадқиқот натижаларининг 30 дан ортиғи таълим ва даволаш амалиётига жорий қилинган.

Илмий мактаб ва жамоатчилик фаолияти

Самарқанд давлат тиббиёт университети ҳамда Урганч давлат тиббиёт институти ҳузуридаги илмий даражалар берувчи кенгашлар аъзоси. Гастроэнтерология, терапия, фан ва таълимга оид саккизта илмий журнал таҳририят кенгашида фаолият юритади. Унинг раҳбарлигида 7 нафар шогирд ички касалликлар ихтисослигида диссертация ҳимоя қилган. Илмий раҳбарлигидаги Қудрат Жуманиязов (1996) ва Озода Исмоилова Президент давлат стипендияси, Азиза Бахтиярова (2025) Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳиби бўлган. 2026-йилда Азиза Бахтиярова профессор раҳбарлигида ишлаб чиқилган «DGI Health» лойиҳаси билан «Мирзо Улуғбек ворислари» танловининг шаҳар, вилоят ва республика босқичларида муваффақиятли иштирок этиб, танловда ғолибликни қўлга киритган.

Эътирофлар

2010-йилда «Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси» унвонига сазовор бўлган. Республика танловларида «Йилнинг энг яхши профессори — 2019» ва «Йилнинг энг яхши профессори — 2021» номинацияларида ғолиб бўлган. Урганч шаҳар халқ депутатлари кенгашининг 2020–2024 ва 2025–2029-йиллардаги депутати.

Касбий алоқа

+998 91 423 22 20 rabdullayev2007@mail.ru